tg-me.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1040
Last Update:
Ҳаётингизда қандай кунлар бўлишидан қатъи назар, тустовуқ бўлманг!
Ҳаётда айрим нарсалар борки, уларни ўзинг белгилай олмайсан. Масалан, қаерда туғилишинг, қандай оилада туғилишинг, қўшниларинг ким бўлиши, кимлар билан биринчи марта мактабга боришинг, кимларга ишинг тушиб бориши ва ҳоказо. Ҳаёт текис чизиқ эмас, ҳар қандай оилада ҳам тўқчилик ва йўқчилик кунлари бўлиб туради.
Бундай ҳолатларда кўпинча эркаклар синовларга учрайди. Яқин бир танишим бор эди. Қўни-қўшничилик, ака-укачилик қилиб турардик. Қишлоқ жойда яшаганимиз учун кўпчиликда қишда пул бўлмайди. Аксарият ҳолларда, ўзим ҳам олди-берди ишларимни қишда қиламан.
Қиш келиши билан ўша танишим кунига икки маҳал йўқлашни канда қилмасди. Баъзи кунлари уйдагилар ҳам бунча кўп йўқлашмасди. Шу кунларда танишимнинг касбига доир иш чиқиб қолди. Пул бегона бўлмасин, ҳам арзонроқ тушсин деб телефон қилдим.
Салом-аликдан сўнг мақсадга ўтдим. Яхшилаб тушунтирдим ва хизматини сўрадим. “Укам, сиз ўзимникисиз,” деди-да, кўчадагидан ҳам қиммат нарх айтди. “Ака, қиммат айтяпсиз. Кўча нархини эмас, бизга қилинадиган нархни айтинг,” десам, “Ука, кўча бундан ҳам қиммат. Сизга келиштириб айтяпман,” дейди.
“Бўлди ака, маслаҳат қилиб қўнғироқ қиламан,” дедим-да, тезда қизилладим. Кейин ўша иш бўйича ўртоқларим орқали бошқа танишларга мурожаат қилдик ва ишни ҳал қилдик. Улар танишим айтган нархдан 1,5 баробар арзонга битириб берадиган бўлишди.
Кеча кўчада кўриб қолдим. “Бир гаплашиб оламан,” деган эдим, танимагандек ўтиб кетди. Қишда 500 метр наридан кўрса ҳам югуриб келарди. Ҳозир у киши учун “сезон” – уйларига 3–4 сўм кириб, бироз пул йиғилган.
Майли, ёз ўз вақтида келганидек, қиш ҳам ўз вақтида келади. Эшитишимча, бу йил қиш бироз совуқ келармиш. Кўпроқ кийим оволинг, совуқ уриб қўймасин.
Борида бошқа одам, йўғида бошқа одам бўлманг. Дадамларнинг бир гаплари бор:
“Пулинг борида осмонга қараб юрма, йўғида ерга қараб юрма. Доим тўғрига қараб юр.”
Осмонга қараб юрсанг ҳам, ерга қараб юрсанг ҳам бир метр наринидаги ҳавфни кўра олмайсан. Доим тўғри қараб юр – шунда олдидан келаётган хавф-хатарни олдиндан кўрасан.
Эсда тутинг:
Қўлингизда йўғида ким эканингиз билинмайди. Сабаби, ҳаммага пой чўкирлик қилишга мажбурсиз. Борида эса аслингиз билинади. Чунки одамларга эҳтиёжингиз бўлмайди. Қандай муомала қилишни эса ўзингиз белгилайсиз.
Майли, ҳар мавсум ўзгарса ҳам, инсонийлик доим ўзгармасин.
👉 @Abduqahhorov_Abduvahob
BY Abduvahob Abduqahhorov | Blogi📝

Share with your friend now:
tg-me.com/Abduqahhorov_Abduvahob/1040